Salom sizga, Гость! Ro'yhatdan o'tish RSS

BEKORCHI.UZ

Juma, 17.01.2025
Bosh sahifa » 2011 » May » 1 » Ўзбекистонда ўйнашим мумкин эди
11:05
Ўзбекистонда ўйнашим мумкин эди
bekorchi.uz
Англиянинг «Вест Бромвич» клуби ҳужумчиси Питер Одемвингие ФИФАнинг расмий сайтига интервью берди. Ҳужумчи Англиядаги фаолиятидан кўнгли тўлаётганини айтар экан, Туриннинг «Ювентус» клубига ўтиш эҳтимоли борлигини рад этиб ўтирмади.

Аслида, бу йигит ўзбек футболига у қадар бегона эмас. Ватанимиз пойтахти Тошкентда туғилди, ўсиб вояга етди ва футболдаги илк сабоқларини ҳам шу ерда олди. Аммо тақдир тақозоси билан ўн икки ёшга етганида, ота-онаси Татарис­тонга кўчиб ўтишга қарор қиладилар. Одемвингие футбол билан шуғулланишни шу ерда давом эттирди ва вояга етгандан сўнг, тарихий ватани бўлмиш Нигерия терма жамоаси учун ўйнашга қарор қилади. Қуйидаги суҳбатда, нима сабабдан Питер бундай қарорга келганини изоҳлаб берган. 

— Англия чемпионати тугашига ҳам ҳеч қанча вақт қолмади. Премьер лигада ўтказган илк мавсумингизга қандай баҳо берган бўлардингиз?
— Бу ердаги фаолиятимдан жуда ҳам кўнглим тўлди. Шахсан ўзим учун мавсум жуда ажойиб ўтди. Англияда ўзимни ўз уйимда юргандек ҳис қилмоқдаман. Инглиз футболи менга жуда ҳам мос тушди. Гарчанд жамоамиз йўлида қора кунлар ҳам учраган бўлса-да, турнир жадвалида кўтарилишга эриша олдик. Энди келажакка кўтаринки руҳ билан қарамоқдамиз.

— «Вест Бромвич»нинг айни вақтдаги бош мураббийи Рой Хожсон ҳақида нима дея оласиз?
— У — кучли шахс. Жамоамизда ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган ва ғалабага бўлган иштиёқ жуда кучли. Шунингдек, Рой Хожсондан аввал ишлаб кетган Роберто ди Маттео ҳақида ҳам илиқ фикр билдириш мумкин. Унинг бошчилигида мавсум бошида ажойиб ўйин кўрсатган эдик. Аммо мавсумни омадли бошлаб олганимиздан сўнг, хотиржамликка берилдик ва вазифа бажарилгандек бўшашиб қолдик. Балки, айнан ўша вақтда мураббий жамоа устидан назоратни йўқотиб қўйгандир. Бу иллатни бошидан бартараф этиш лозим эди.

— Ҳозирда шахсий рекордингизни янгилашингиз учун учтагина гол етмай турибди. Уни янада ошириш сиз учун қандай аҳамиятга эга?
— Бу натижа менинг бош мақсадларимдан бири. Ҳеч қачон бир мавсум давомида 14 тадан кўп гол урмаганман. Бу ишни бажаришим учун ихтиёримда яна бешта учрашув бор. Аммо якунда нима бўлган тақдирда ҳам, мавсумнинг мен учун ажойиб кечганини ҳозирдан айтишим мумкин. Ахир шу вақтга қадар 12та гол уришга муваффақ бўлдим-ку.

— Сиз билан «Ювентус» қизиқиб кўрганди. Рой Хожсоннинг айтишига қараганда, сизни ёзги мавсумда жамоада сақлаб қолишни истар экан. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
— Футболда эртанги кун ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин масала. Ҳозир фақат бир гапни айтишим мумкин — ўзимни «Вест Бромвич»да бахтли ҳис қилмоқдаман ва бирор жойга ўтиш орзуси билан ёнаётганим йўқ. Аммо шунга қарамасдан, бу трансфер амалга ошиши мумкинлигини инкор ҳам эта олмайман. Нима бўлган тақдирда ҳам, менга премьер лигада ўзимни синаб кўришимга имкон яратиб берган клубдан жуда ҳам миннатдорман. Энди ўзимни бахтли ҳис қиляпман, голлар уряпман ва ҳеч қандай муаммо менга халал бермаяпти.

— Ўзбекистонда туғилиб, вояга етгансиз. Шу сабабли Ўзбекистон ёки Россия терма жамоаларида ҳам ўйнашингиз мумкин эди. Нимага айнан Нигерияни танладингиз?
— Отам туфайли. Онам Ўзбекистон ёки Россия терма жамоасида ўйнашимга қарши эмасди. Аммо Нигерия терма жамоаси сафида ўйнаш қарорига кўп йиллар аввал келиб улгурган эдим ва уни ўзгартириб ўтирмадим. Ватаним шаънини ҳимоя қиларканман, ўзимни беҳад даражада бахтли ҳис қиламан.

— Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг финал баҳси — фаолиятингиздаги энг муҳим натижами?
— Ҳозирча энг муҳимлардан бири бўлиб турибди. Бундай ютуқлар ҳар қандай спортчи учун ҳам катта аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Уйга Олимпиаданинг кумуш медаллари билан қайтганимни ҳеч қачон унута олмайман.

— Нигерия терма жамоасининг Жанубий Африкада қайд этган натижаси ҳақида нима дея оласиз?
— Бу борада икки хил таассурот қолди. Бир томондан юксак орзуим амалга ошди — жаҳон чемпионатида ўйнадим. Аммо барчаси жамоам учун муваффақиятли якунланмади. Мен ҳам майдонда кўпроқ вақт давомида ҳаракат қилишим мумкин эди.

— 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган мундиалда Нигерия терма жамоаси сафида ўйнаш режангизда борми?
— Албатта, шундай бўлишини хоҳлаган бўлардим. Ҳозирги футболчилар 35 ёшда ҳам, 36 ёшда ҳам футбол ўйнамоқдалар. Шунчаки, ўз форманг устида қайғуриб, тўғри овқатланиб, кун тартибига амал қилиб борсанг, муаммолардан холи бўлишинг ва фаолиятингни имкон қадар узоқроқ давом эттиришинг мумкин. Ҳали юқори савияда бир неча йил ўйнай олишимга кўзим етади. Шунинг­дек, айнан Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионатида фаолиятимни якунлашим мумкинлигини ҳам инкор этмайман.
Категория: QIZIQARLI MALUMOTLAR | Ko'rildi: 840 | Qo'shdi: ANIMEADMIN
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Ro'yhatdan o'tish | Kirish ]