Salom sizga, Гость! Ro'yhatdan o'tish RSS

BEKORCHI.UZ

Shanba, 18.01.2025
Bosh sahifa » 2012 » Iyun » 15 » Ойнинг ўн беши. (Кутилмаган ташриф) (2-кисм)
10:51
Ойнинг ўн беши. (Кутилмаган ташриф) (2-кисм)
Овқатдан кейин бир-икки пиёладан чой ичишгач, Нилуфар лаганни олиб чиқиб кетди. Ёлғиз қолган Самандар яна ўйга толганини сезмай колди. Енгил қадамлар билан кириб келган Нилуфар унинг ёнига ўтираркан, юзига синчковлик билан тикилиб сўради.
-Яна ўйланиб қолибсиз, тинчликми ўзи?
-Ўзим шунчаки,- деди Самандар ўзини кўлга олиб.
-Балки бемаврид келгандирман? Нега келдингиз, деб сўрамадингиз хам.
-Нега ундай дейсиз?- деди Самандар қизнинг елкасига қўлини қўйиб. -Ахир биринчи марта келишингиз эмаску, нега келдингиз, деб сўрасам.
-Тўғри, кўп келганман,- деди Нилуфар негадир ҳаяжонланиб унинг қўлини елкасидан олиб, оҳиста силаркан, -Лекин бу келишим бошқача…
-Тушунмадим, бошқача, деганинг нимаси?-деб Самандар ҳайрон бўлиб сўради.
-Хозир тушунтираман,-деди Нилуфар ерга қараганича лаблари титраб,- Бошқача деганим… Агар йўқ, демасангиз шу ерда қолсам. Бутунлай…
Самандар ҳайратга тушди. Бир оз нима дейишини ҳам билмай туриб қолди. Нилуфарнинг кутилмаган ишларни қилиб юриши янгилик эмасди. Лекин бундай дейиши уни хатто эсанкиратиб қўйганди.
-Ҳазиллашаяпсанми?- деди ниҳоят ўзига келиб.
-Йўқ, бор гапни айтаяпман,-деди Нилуфар жиддий тарзда.
-Унда бу нима деганингиз? Ахир…
-Самандар ака, нима демоқчилигингизни тушундим,- деди Нилуфар унинг гапини бўлиб,- Ўйлаб кўрдим. Жуда кўп ўйладим. Бундан бошқа чорамиз хам йўқлигини тушундим. Бўлмаса бир-биримиздан бутунлай айрилиб қолишимиз аниққа ўхшаяпди. Бунга йўл қўймаслигимиз керак, шундайми?
-Албатта. Нима бўлди ўзи? Тушунтириброқ гапиринг,-деди Самандар бу гапдан қаттиқ ташвишланиб.
-Шаҳар ҳокимининг ўғлидан совчи келаётганини айтгандим-а?- деди Нилуфар йиғлагудай бўлиб.- Ҳеч ҳол-жонимизга қўйишмаяпти. Ўғли ҳам шундан бошқаси керак эмас, деб оёқ тираб олган эмиш.Ҳайронман, унга бошқа қиз қуриб кетганмикан?
-Ўғлини кўрганмисиз?- сўради Самандар нима дейишини билмай.
-Ҳа, бир-икки марта келган эди.
-Дадангиз билан ойингиз нима дейишаяпти?-сўради Самандар қандайдир ҳадик билан.
-Дадам ихтиёр ўзингда деяптилар. Ойим эса шундай кишилар қуда бўлмоқчи эканлигидан жуда хурсандлар. Ҳатто аллақачон қўшнимиз билан бориб уйларини кўриб ҳам келибдилар. Жуда маъқул бўлган шекилли, мени кўндиришга жон-жаҳдлари билан харакат қилаяпдилар. «Шундай оилага келин бўлишнинг нимаси ёмон. Нега рози бўлмайсан», деб ҳеч қўймаяпдилар.
-Сиз ўзингиз қандай қарорга келдингиз?
-Мени синаш учун шундай деб сўраяпсизми ёки кўнглингизда бошқача ўй- фикр
пайдо бўлдими? Ундай бўлса кўнглингиз тўқ бўлсин. Ўнта Давронбекни сизга алиштирмайман,- деганича эркаланиб бошини Самандарнинг елкасига қўйди.
Бу гаплар Самандарнинг вужудида илиқ туйғуларни уйғотиб юборди. Қизнинг қалбида нақадар ўтли муҳаббат борлигини яна бир бора ҳис қилди. Уни бағрига босишдан, суюб-эркалашдан ҳозир бунинг мавриди эмаслигини англаб тургани учун ҳам зўрга ўзини тўхтатиб қолди. Шунда Нилуфарнинг муҳаббатлари учун хамма нарсага тайёрлигини ҳис қилди. Лекин ўзини бунга муносиб эмас, деб ҳисоблаб юраги эзилди.
-Бунча кўп ўйланмасангиз? Бугун мабода ўйланадиган кунингиз эмасми?-деб Нилуфар унинг елкасига туртиб ўзига қаратди.- Хали уйда шундай воқеа бўлдики, айтсам асло ишонмасангиз керак.
-Қани айтинг-чи, балки ишонарман.
Нилуфар бўлган воқеани ҳикоя қила бошлади. Диққат билан тинглаётган Самандар борган сари ҳайрати оша бошлади. Совчиларга айтганларини эшитганида бутунлай лол бўлиб қолди.
-Буларни сизга айтишни хам, айтмасликни ҳам билмай узоқ иккиландим,-деди Нилуфар унинг ҳолатига эътибор бермай.- Чунки бунга сизнинг қандай муносабат билдиришингизни билмасдимда. Менинг ўрнимда бўлган ҳар қандай қиз ҳам иккилиниши аник. Балки ботинолмаса ҳам керак. Лекин мен таваккал қилишга аҳд қилдим. Боя айтдим-а, энди бутунлай бу ерда қолишга ҳам қарор қилдим. Чунки борганим билан ойим уйга киритмайдилар. Чунки уларнинг феълини яхши биламан. Жаҳллари чикса ҳеч кимнинг, ҳатто дадамнинг ҳам гапларига қулоқ солмайдилар.
-Нега киритмайдилар? Ахир сиз у даражада ёмон иш қилганингиз йўқ-ку-деди Самандар бош чайқаб. -Лекин ростии айтсам, бундай қила олишингизни ҳаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади.Чунки қайси қиз келган совчиларга ўзи жавоб бериб юборади?
-Бу балойи азимга қаёқдан ҳам йўлиқдим экан-а, деб афсусланаётган бўлсангиз керак?- деб Нилуфар қошини учириб қўйди.
-Бунақа гап ҳаёлимга ҳам келгани йўқ, -деб Самандар қизнинг қўлини авайлабгина қисди. -Сизни бугун кўраётганим йўқ-ку. Ундан ташқари, кўз ёш қилиб ўтирмай ўз бахти учун курашадиган қизлар менга кўпроқ ёқади. Эҳтимол сизни севиб қолишимга ҳам шу сабабдир. Лекин…
-Нима лекин? -деб Нилуфар унинг гапини кескинроқ охангда бўлди. Буни англаб ўзи ҳам афсусланди.- Севсангиз нега шу пайтгача совчи юбормайсиз? Бу ҳақда гап очсам ҳар хил баҳоналарни рўкач қиласиз. Шунинг учун сизнинг ҳақиқатдан ҳам севишингизга баъзан шубҳаланиб қоламан. Бор гапни очиқ айтаверинг. Ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг. Ўзимга яраша ғурурим бор. Суймасангиз суйкалмайман.
-Нилуфар, бекорга шубҳаланаяпсиз,-деди Самандар ҳаяжонланиб.- Мени тўғри тушунинг. Сабаби, баъзилар айтганидай, тенг-тенги билан…
-Нима?!- Нилуфар қичқириб юборди.- Бу билан нима демоқчисиз? Гапни айлантирмай очиғини айтаверинг. Сизнинг тенгингиз эмас эканманда, шундайми?!
-Йўқ, шошманг. Мен ундай демоқчи эмасдим,-деб Самандар унинг қўлидан ушлаб туриб кетишига йўл қўймади.-Аксинча, мен ўзимни сизга тенг эмас, деб ҳисоблайман.
-Нега ундай деяпсиз?- Нилуфар кўзларини катта-катта очиб суради.
Самандар нима дейишини билмай кўзини олиб қочди. Ўзи ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш- айтмасликни ҳамон билмасди.
-Қизини мендай ота-онасининг тайини йўқ йигитга беришга ким ҳам рози бўларди.
-Қўйинг бунақа гапни. Чунки, Самандар ака, бунинг мен учун аҳамияти йўқ,-деди Нилуфар овози ўзгариб.- Болалар уйида катта бўлганингизга сиз айбдор эмассиз-ку. Мабодо ота-онам рози бўлишмаса уйдан кетишга ҳам тайёрман. Балки ҳозир хафа бўлишар. Лекин вақти келиб мени тушунишар, деб ўйлайман.
-Қўйинг ундай деманг,- деди Самандар анча ташвишга тушиб. Чунки Нилуфарнинг айтганидан қолмаслигини яхши биларди. -Балки бунгача етиб бормас.
-Бўлмаса нега иккилинаяпсиз? Бу ҳақда гапирсам мени чалғитиш харакатида бўласиз. Мақсадингиз нима ўзи, очиғини айтаверинг. Балки ўзим совчи жўнатайми? –деб Нилуфар
гапни ҳазилга бурди.
Самандар кулиб юборди. Лекин жавоб қайтармай бир нуқтага тикилиб қолди. Қизнинг тикилиб турганини сезиб ўгирилди. Нигоҳлари тўқнашганда унинг кўзларида чуқур дард борлиги сезилиб турарди.
-Самандар ака, нимадир демоқчи бўлаяпсиз-у, лекин айтолмаяпсиз, тўғрими?
-Тўғри, айтсам сизни ҳафа қилиб қўяманми, деб қўрқаяпман. Лекин нима бўлганда ҳам айтишим керак. Чунки мен ҳақимдаги бор ҳақиқатни билишингиз керак. Шундан кейин менга турмушга чиқиш-чиқмасликни ҳал қиласиз. Балки мендан юз ўгирарсиз. Лекин бунинг учун сиздан хафа бўлмайман. Чунки бунга ҳаққим ҳам йўқ,-деб Самандар гапни давом эттиролмай тўхтаб қолди. У шундай бир тушкун ҳолатда эдик-ки, буни сезиб Нилуфарнинг юраги эзилиб кетди.
-Самандар ака, бу нима деганингиз? Ҳудди катта гуноҳ қилгандай гапираяпсиз.
-Ха, гуноҳим катта , айниқса сизнинг олдингизда,-деди Самандар ака чуқур изтироб билан.
-Қандай гуноҳ экан ? – сўради Нилуфар. Кейин бирдан шубҳаланиб қолди. -Балки бошқаси билан….
-Йўғ-е, худо сақласин ,- деб Самандар унинг гапини бўлди.
-Ундан бошқа ҳар қандай гуноҳингизни кечиришга тайёрман,-деди Нилуфар чехраси ёришиб.
-Сизнинг тенгингиз эмасман, деганимда бутунлай бошқа нарсани назарда тутган эдим. Лекин айтолмагандим. Сизнинг олдингиздаги гуноҳим шуки, мен ҳақимда билганларингизнинг ҳаммаси ёлғон. Тўғрисини эса яшириб келган эдим. Сабабини ўзингиз тушуниб оларсиз. Дадам ёшлигимда ташлаб кетган. Ойим билан бир синглим бор …
-Шуми бор - йўғи гуноҳингиз?
-Йўқ. Мен қамалганимни яширгандим.
-Сиз… Сиз қамалгансиз ? ! - Нилуфар ҳайратланиб сўради.
-Ана, кўрдингизми, эшитибоқ бошқача бўлиб кетдингиз. Ҳа қамалганман. Уч йил. Аслида саккиз йил беришганди.
Ҳангу манг бўлиб қолган Нилуфар анчагача нима дейишини билмай қолди . Киприк ҳам қоқмай Самандарга қараганича туриб қолди. Ниҳоят ўзига келиб, ҳазиллашаяпсизми, дея олди. Ҳақиқатдан хам бу гапнинг шунчаки ҳазил бўлишини жуда-жуда истарди . Самандар ўрнидан туриб дераза олдига борди. Тўғрисини айтаяпман, деди.
-Нима учун ? Нима учун қамалгансиз?- деб сўради. Нилуфар зўрғагина.
-118 – модданинг 2 - қисми билан судланганман. Зўрлаб номусга тегиш.
Бу гапни эшитиб Нилуфар ўрнидан туриб кетганини билмай қолди. Самандарнинг
олдига келиб унинг икки қўлидан жон холатда силкитиб деди:- Нима?! Нима дедингиз?! Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Ишонмайман, ишонмайман!!! Сизнинг қўлингиздан бундай иш келмайди!!!
-Суд ишонган-ку, одамлар ишонганку. Сиз нега ишонмайсиз?
Барибир Нилуфарнинг ишонгиси келмаётган эди. Қалбининг туб-тубидан бир садо келиб, ишонма бунга, ишонма, деётгандай эди. Аслида нима бўлган ? Наҳотки жондан азиз кўрган кишиси шундай тубанликка борган ? Кўнглида пайдо бўлаётган бу саволларга жавоб излаб Самандарнинг бўйнидан қучиб кўзларига термулди. Шунда унинг кўзларида шу пайтгача сезмаган қандайдир дард, чексиз ғам-алам борлигини пайқади-ю, кўз ёшларини тия олмади.
-Лекин мен ишонмайман, эшитяпсизми ишонмайман. Ишонишни ҳам истамайман! Одамларни алдашлари мумкин. Суд хам янглишган бўлиши мумкин. Аслида нима бўлган эди, илтимос айтинг,-деб Нилуфар. Самандарнинг индамай турганини кўриб зорланди.-
7
Гапирсангиз-чи, нега индамайсиз? Ёки ростдан хам шундай қилганмисиз?
Самандар қизнинг кўзидан ўпиб, кўз ёшларини кафти билан артди. Сўнг титроқ овозда деди:
-Албатта мен ундай қилмаганман. Тухмат қурбони бўлганман холос.
-Бундай ноҳақликка индамай туравердингизми? Нега бегуноҳ бўлсангиз исботлаб бермадингиз?
Самандар унинг қўлидан ушлаб диванга ўтиргизди. Ўзи ҳам ёнига ўтириб чуқур ух тортиб деди.
-Нилуфар, биласизми, киши ўғирлик ёки бошқа жиноят қилса далиллар ёрдамида айбини исботшлари мумкин. Бунда эса унчалик шарт эмас. Жабрланувчининг аризаси ва бўлса гувоҳ кўрсатмаси ва экспертиза хулосаси бўлса бас. Буларни эса қалбаки тарзда ҳам ташкил этса бўлади. Энг асосийси, менга даъво қилганлар шундай кишилар эди-ки, уларнинг тухмат қилишларини ҳеч ким ақлига сиғдиролмаслиги аниқ эди.
Самандар одатда Нилуфарнинг олдида чекмасликка харакат қиларди. Ҳозир эса қандай қилиб сигарет тутатганини сезмай ҳам қолди. Буни англагач узр сўради. Нилуфар чекаверинг, дегандай қўл силтади. Ҳатто сервантдан кулдон олиб столга қўйди. Давом эттиришини сабрсизлик билан кута бошлади. Лекин Самандардан анчагача садо чиқмади. Сабри чидамай кетма-кет савол берди.
-Улар кимлар эди? Нега бундай қилишди? Сизни қаматиш уларга нега керак бўлиб қолди? Нима ёмонлик қилган эдингиз?
-Ойим билан синглим,-деди Самандар паст овозда. Нилуфарнинг ишонқирамай қараб турганини куриб тасдиқ ишорасини қилди. Ўрнидан туриб деразанинг бир табақасини очди. Кечки шабада кириб шифтдаги сигарета тутинини тарқатиб юборди. Қайтиб келиб қизнинг рўпарасида тўхтади.
-Мен уларга ёмонлик қилмагандим. Фақат одамлардай яшашларини истаган эди,-деди маюслик билан. -Зўрламоқчи бўлди, деб синглим ариза берди. Ойим эса ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди, деб кўрсатма берди. Фақатгина бу эмас, ҳам суддан қаттиқроқ жазо беришларини талаб қилди.
-Наҳотки шундай қилиишган бўлса? Ҳеч ишонгим келмаяпди,-деди Нилуфар ҳайратланиб. Ўрнидан туриб Саманданинг олдига келди. Кўзларига тикилиб деди.- Биламан, сиз ундай қилмагансиз. Лекин уларнинг бунга қандай қўллари борди, тасаввур ҳам қилолмаяпман. Синглингизнинг шундай қилганига балки ишониш мумкиндир. Лекин онангизнинг…
-Афсуски шундай қилишганди. Мен ҳам одамман, хайвонмасман-ку, туғишганимага ҳам ёпишсам,-деди Самандар титраб-қақшаб.
-Қўйинг, кўп куйинаверманг,-деб Нилуфар унинг қўлидан ушлаб ўтиришга ундади.-Келинг, ўтиринг. Ҳали ҳаммасини унутасиз. Мана, ёнингизда мен борман. Сизни ёғизлатиб қўймайман.
-Қандай қилиб унутаман! Қандай қилиб,-деди Самандар диванга ўтирганларидан кейин . У хали ҳаяжонидан тушмаган эди.- Бошқалар орзиқиб эслайдиган болаликни мен армон билан хотирлайман. Тенгдошларим ўйин-кулгу билан ўтказган ўсмирлик йилларимни мен зах камерада юрагим қонга тўлиб ўтказганман. Заррачагина айбим бўлганда ҳам бунчалик алам қилмасди. Биргина айбим, бошқаларга ўхшаб, ҳалол-пок яшайлик, деганим. Бу юрагимни эзмайди, дейсизми? Эзади, эзганда ҳам қандай? Энг оғири, умримнирнг охиригача эзади,деб ўйлайман.
Буларни эшитиб Нилуфарнинг вужуди титраб кетди. Севгилисининг қалби қанчалик ўртанаётганини,канчалик унга оғир эканлигини аниқ ҳис қилаётган эди. Лекин унга таскин беришга сўз ҳам тополмаётган эди. Чорасизлигидан кўзларига ёш келди.
-Самандар ака, нима бўлганини менга гапириб беринг,-деб илтимос қилди.
-Э. булар сизга нима керак?-деб Самандар қўл силтади. –Ҳозир бу ҳақда эслагим ҳам келмаяпди. Дардим янгиланади, халос.
-Мен буни фақат шунчаки қизиққанимдан эмас, сиз ҳақингизда ҳаммасиним билмоқчи
бўлганим учун сўраяпман. Қолаверса, менга айтмасангиз кимга айтасиз? Балки бу билан зора дардингиз енгиллашса,-деди Нилуфар илтижо билан.
Самандар ўйланиб турди. Майли, айтсам айта қолай, деб ҳикоя қила бошлади. (Давоми бор)
Категория: QIZIQARLI MALUMOTLAR | Ko'rildi: 942 | Qo'shdi: ANIMEADMIN
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Ro'yhatdan o'tish | Kirish ]