Salom sizga, Гость! Ro'yhatdan o'tish RSS

BEKORCHI.UZ

Shanba, 18.01.2025
Bosh sahifa » 2012 » Iyun » 15 » Ойнинг ўн беши (Қалб оғриқлари) (3-кисм)
10:55
Ойнинг ўн беши (Қалб оғриқлари) (3-кисм)
-Мен 3 ёшга, синглим Шаҳодат 2 ёшга тўлганимизда дадам бизни ташлаб кетганди. Кейин билсам ойим ҳиёнат қилгани учун шундай қилган экан. Ойим бизни дадамиздан бездиришга харакат қиларди. Бизга у ҳақда шундай гапларни айтиб ёмонлар эдики, натижада дадамизга нисбатан нафрат пайдо бўлганди. Эсини таниганларидан кейин бор гапни билишса мендан юз ўгириб кетади, деб ўйлаб шундай қилган бўлса керакда. Дадамиз кўргани келганида балодар қочгандай қочар эдик. Орқамиздан чақирганиса қолаверарди. Уйга одам жўнатиб чақиртириши ҳам бефойда эди. Келган кишига ойим шундай бобиллаб берарди-ки, у келганига ҳам пушаймон бўлиб қайтиб кетарди. Агар дадангдан пул ёки бирор нарса олсанглар кунларингни кўрсатаман, дер эди. Эсимда, бир куни дадамни кўчада учратиб қолдим. Туфлимнинг йиртиқлигини кўриб , янги туфли оласан, деб пул берди. Буни билиб қолган ойим, мен сенга нима дегандим, деб қўлимга қизиган дазмолни босиб олди. Оғриғига чидолмай ҳушимдан кетиб қолибман. Кафтимнинг куйган эойи ҳилвираб турганига қарамай боғлаб қўишни ҳам лозим кўрмади. Эртаси куни қўшнимиз кўриб қолиб нима бўлганини сўради. Болалик қилиб ҳаммасини айтиб берибман. Раҳми келиб йиғлаб юборди. Дори суртиб боғлаб қўйди. У болаларни жуда яхши кўрарди. Афсуски, бефарзанд эди. Кечқурун уйимизга келиб, Самандарни менга беринг, ўзим катта қилиб оламан, деди. Шунда ойим, бола керак бўлса қисир сигирга ўхшаб юравермасдар ўзинг туғиб ол, деса бўладими.
-Бунча бағритош бўлмасангиз. Худо бермаса мен нима қилай? Мен-ку фарзандсизман, болага зорман. Сиз эса илоё болаларингиз бўла туриб бола меҳрига зор бўлинг,-деб қўшнимиз йиғлагинича чиқиб кетди.
Самандар шундай деб чап қўлининг кафтини очиб кўрсатди. Дарҳақиқат, кафтининг қачонлардир қаттиқ куйгани чандиқлардан билиниб турарди. Буни кўриб Нилуфарнинг кўнгли алланечук бўлиб кетди. Самандар буни сезмагандай давом этди.
-Дадам ташлаб кетгандан кейин ойим очиқчасига ножўя йўлга кириб кетди. ( Ўз онаси ҳақида бундай гапларни айтиш унга қанчалик оғирлиги сезилиб турарди.) Кечқурунлари уйимизга бегона кишилар тез-тез келиб туришарди. Баъзи сурбетлари эса кундузлари ҳам келаверарди. Бундай пайтларда ойим синглим иккаламизни бир хонага қамаб қўйиб, овозларинг чиқса ўлдириман, дерди. То ойимнинг «меҳмонлари» кетгунича оч-наҳор ўтираверардик. Баъзан унинг бир неча кунлаб уйга келмаган кунлари ҳам бўларди. Болалариимнинг ҳоли нима кечди, ёлғиз ўзлари қўрқишмайдими, деган ўй ҳаёлига ҳам келмасди. Бундай кунлари қўшнимиз Сарви хола жонимизга аро кирарди. Иссиқ- совуғимиздан хабар олар, ёлғиз ётманглар, деб катта ўғлини қолдириб кетарди.
Ойимнинг беандишалиги, ахлоқсизлигини болалик қилиб яхши тушунмаганман, албатта. Ёшим улғайган сари англаб ета бошладим. Бу менга жуда ёмон таъсир қилар, юрагимни эзарди. Лекин қўлимдан нима ҳам келарди. Ойимни бу йўлдан қайтаришга ожизлик қилардим. «Бу одамлар келмасин. Ундам кўра дадамни олиб келинг», дейишимга ойимдан аёвсиз калтакланиш, қарғиш эшитишлар билан жавоб олардим. Бир куни уйимизга келган бир кишининг машинасининг балонини мих билан тешиб қўйдим. Буни билиб қолган ойим шундай калтаклади-ки, баданимда соғ жойим қолмади. Бу ҳам етмаганидек, ертўлага судраб тушиб, ўлсанг шу ерда ўлақол, қутулардим сен шум етимдан, қулфлаб қўйди. Қанча ётганимни билмайман, синглим Шаҳодатнинг, акажон, тирикмисиз, мен сизни ўлиб қолдингиз, қўрқаётган эдим, деб йиғлашидан ўзимга келибман. Хўрлигим келиб мен ҳам йиғлаб юбордим. Кейин билсам ойим ўша куни қаёққадир кетибди. Шаҳодат ертўла эшигини очолмай йиғлаб ўтираверибди. Қандайдир бир иш билан чиққан Сарви хола, нега йиғлаб ўтирибсан,деб сўраганида , ойим мени ертўлага қамаб қўйганини айтибди. Шунда қўшнимиз ертўла эшигини болта билан бузиб очибди. Очлик , ташналикдан ва калтакланиш оқибатида ҳатто гапиришга ҳам мажолим йўқ эди.
-Ёш болани ҳам шундай азоблайдими, она деганлари ҳам шундай тошбағир бўладими?- деб йиғламсираб юзимда қотиб қолган қонни рўмоли билан арта бошлади. Кейин кўтариб уйига олиб борди.
-Бу бегуноҳ, норасида гўдакларнинг кўз ёшлари кўр қилади. Уволлари тутади хали,- деди унинг эри Эгамберди ака менинг аҳволимни ачинганидан.
Сарви хола мени ювинтириб, овқатланрирди. Ўша куни уникида ётиб қолдик. Ойим эса эртаси куни алламаҳалда келди.
Аста-секин ҳамқишлоқларимизнинг бизга бўлган муносабатлари ўзгариб бораётганини сеза бошладим. Шу ён қўшнимизни ҳисобга олмаганда ҳеч ким биз билан кирди- чиқди қилмасди. Икки уй нарида турадиган Нурмат деган киши хотинига, агар шу бузуқи билан ош-қатиқ бўладиган бўлсанг мендан яхшилик кутма, деганини ўз қулоғим билан эшитгандим. 4-синфда ўқиётганимда бўлган бир воқеа асло эсимдан чиқмайди. Вали деган ўртоғим билан уришиб қолдим. Шунинг устига келиб қолган унинг онаси, сенга бошқа ўртоқ қуриб қолдими, ахир унинг онаси кимлигини биласанми, деганди. Унинг нимани назарда тутиб шундай деганини тушуниб вужудим титраб кетганди. Бир куни мен билан бир партада ўтирадиган Лола деган қизгнинг онаси мактабга келиб, қизимни бошқа партага ўтиргизинг, чунки унинг бир фоҳишанинг ўғли билан бирга ўтиришини истамайман, деганди. Синфдошларим олдида бундай гапларни эшитиш мен учун қанчалик даҳшатли эканини ўзингиз ҳам яхши англаб турган бўлсангиз керак. Бу воқеалардан кейин мен қандайдир одамови бўлиб қолдим. Ҳеч кимга қўшилмай ёлғиз юрардим. Синфда ҳам охирги партада бир ўзим ўтирардим.
Энди нафақат уйда, балки умуман қишлоқда ҳеч кимга кераксиз, ортиқча бўлиб қолганимни англай бошладим. Қани энди тезроқ катта бўлсам-у, мени ҳеч ким танимайдиган жойларга кетсам, деб орзу қилардим. Бир неча марта узоқ-узоқларга қочиб кетишни ҳам ўйлагандим-у, лекин хали бунга вақт борлигини тушуниб бу ниятимдан қайтгандим. Ундан ташқари мени қишлоқда бир илинж ушлаб турганди. Бу ҳам бўлса дадамнинг келиб қолиши мумкинлиги эди. Келса ойимнинг дўқ-пўписиларига қарамай бирга кетардим, деб аҳд қилгандим. Лекин ҳеч дадамдан дарак йўқ эди. Балки унга ҳам керакмасдирман, бўлмаса бир хабар оларди-да, деб ўйлаб ундан ҳам кўнглим қола бошлаган эди.
Ёзги таътил кунлари эди. Зоминда яшайдиган холам ўғли /анишер билан меҳмонга келиб қолди. Кетаётганида, юр, олиб кетай, беш-ўн кун бизникида туриб келасан, деди. Нима дер экан, деб ойимга қарадим. У кутилмаганда, майли борақол, деди. Мен жуда-жуда севиниб кетдим. Холамнинг қишлоғи тоққа яқин бўлгани учун анча салқин, хушманзара эди. Атрофи қирлар билан ўралган, ўртасидан каттагина сой оқиб ўтарди. Ёз келиб анча саёзлашиб қолганига қарамай /анишер иккаламиз бўш қолдик дегунча сойга бориб мириқиб чўмиламиз. Уларнинг моллари анчагина эди. Мол боқиш навбати келганида Бойназар поччамга ёрдамлашиш учун таёқ олиб қирга жўнаймиз. Бошқа кунлари уйда қолган бузоқларга қараймиз. Томорқа ишларига ёрдам берамиз. Бу ишлар мен учун менга қандайдир завқли эди. Ҳуллас, кунлар қандай ўтгани ҳам билинмасди. Бир куни холам тушлик пайтида шундай деб қолди:
-Ўқишга ҳам бир ҳафта қолди. Негадир шу кунгача ойингдан дарак йўқ. Ўзим олиб бориб қўйсаммикан?
«Ялт» этиб унга қарадим. Бу гапни эшитибоқ ғалати бўлиб кетгандим. Яна ўша хўрликлар, тахқирлашларми? Яна одамларни таънали қарашлари-ю, ойимнинг қилмишларига томошабиндай қараб туришми? Холамнинг уйида кечирган кунларимдан сўнг булар менга янада даҳшатлироқ туюлганди. Шу лаҳзада бир қарорга келдим: «Энди уйга қайтиб бормайман.Ундан кўра…»
-Самандар, бир нима демоқчимисан?- деди холам бу қарашимдан хайрон бўлиб.
-Хола, майлими сизникида қолсам?-дедим овозим титраб.
-Вой, бу нима деганинг, болам. Мен сени бегона жойга эмас, ўз уйингга, ойингнинг олдига олиб бораман, деяпман-ку,- деди холам ҳайрон бўлиб.
-Уйга қайтиб боришни хоҳламайман,-дедим зўрға ютиниб.- Илтимос хола, менга кет деманг, шу ерда қолай. Ҳар қандай ишингизни қиламан. Янги кийим қам демайман. Менга эскиси ҳам бўлаверади..
-Нега кет, дер эканман? Сени, ўз жигаримни-я? -деди холам зорланиб.
-Тўғри, ўзингизнинг ҳам болаларингиз кўп. Яхшиси мени Болалар уйига топшира қолинг,-деб ерга қарадим. Ўз онамнинг меҳридан баҳраманд бўлолмаганимдан кейин нега бошқалардан умид қилишим керак экан, деб ўйлаб шундай дегандим.
-Нималар деяпсан, болагинам? Эсимни ебманми сени Болалар уйига топшриб. Ойингнинг олдида бўлсанг яхшида, дегандимда. Уйга боришни истамасанг шу ерда қолавер. Тирик эканман, сени хор қилиб қўймайман, -деб холам мени қучоқлаб ўпа бошлади.
-Самандар, биз бор эканмиз, бундай гапни ҳаёлингга ҳам келтирма,-деди Бойназар поччам бошимни силаб.- Бу ер сенинг ҳам уйинг /анишер билан мактабга қатнайверасан. Ўқиш бошлангандан кейин холанг бориб хужжатларингни олиб келади. Ойингга ҳам тушунтириб қўяди.
Шундай қилиб холамнинг уйида қолдим. Бойназар поччам /анишер иккаламизни бозорга олиб бориб бир хил мактаб форма, папка, қалам-дафтар олиб берди. Бундан мен айниқса жуда хурсанд эдим. Чунки ойим ҳеч бундай қилмаганди. Ўқиш бошланганидан кейин холам уйимизга бориб хужжатларимни олиб келди. Холамникида қолишимга, ихтиёр ўзида, деб ойим дарров рози бўлибди. Ойим йилда бир-икки марта кўргани келарди. Аслида кўргани келди, дейиш нотўғри бўларди. Яхши юрибсанми, деб номигагина ҳол сўрагандай бўлар. Бирор нарса олиб келиш ҳаёлига ҳам келмас. Тил учида бўлса ҳам юр, олиб кетай , демаганди. Назаримда ойим борган сари мендар узоқлашиб, бегоналашиб бораётгандай эди. Бу эса мени баттар кўнглимни чўктирар, унга нисбатан кўнглимдаги озгина бўлса ҳам илиқликни йўқ қилиб юборарди. Баъзида ойим билан холамни таққослаб кўрардим. Шунда туғишган опа-сингиллар бўлишига қарамай улар ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини англаб қолардим. Холам соддагина, кўнглида кири йўқ, меҳнаткаш аёл эди. Болаларига меҳрибонлигини эса сўз билан таърифлаш қийин эди. Мен унинг тимсолида аёл зоти, она қандай бўлишини англагандим. Нега ойим ҳам шундай эмас, ахир у ҳам аёл-ку, деб ўзимга ўзим савол берардиму, жавоб топишга қийналар эдим.
Холамнинг икки қайниси бўлиб, каттаси Зокир ака шафёр, кичиги Назар ака тракторчи эди. Иккаласи ҳам мени жуда яхши кўришар, ҳамиша кўнглимга қарашга харакат қилишарди. Зокир ака қаёққа борса мени машинасига миндириб олар, Назар ака эса ҳамиша тракторига ўтқазишнинг пайида бўларди. Шулар сабаб бўлиб менда техникага қизиқиш кучли эди. Бўш вақтим бўлди, дегунча атрофларида ўралашгангим ўралашган, тузатишаётганларида мойга ботиб қарашар эдим. Уйга қайтадиган вақтга келиб машина ва тракторни бемалол ҳайдайдиган, унча-мунча бузилса тузатаверадиган бўлиб қолгандим. Қишлоқда мактаб фақат саккиз йиллик бўлгани учун ўқишни ўзимиздаги мактабда давом эттиришга аҳд қилдим. Бунга яна бир сабаб бор эди. Энди ойим аввалги юриш-туришини ташлаган бўлса керак, деган умидда эдим. Лекин афсуски янглишганимни дарров тушунгандим. Ойим очиқчасига бўлмасада ўша ишларини ташламаган экан. Қўлимдан келганича бу йўлддан қайтаришга харакат қилдим. Аммо ожизлик қилдим. Қўлимдан ҳеч нима келмади.
-Сен менга хўжайин эмассан, нимани истасам шуни қиламан. Агар ёқмаса тўрт томонинг қибла,- деб ойим ҳар сафар дарвозани кўрсатарди.
-Ҳеч бўлмаса Шаҳодатни ўйланг,- дедим бир куни.- Сизнинг бу ишларингиз унга ҳам таъсир қилиши мумкин-ку.
Синглимнинг келажаги мени қаттқ ташвишга солаётганди. Ойим сабаб бўлиб у ҳам ёмон йўлга кириб кетишидан жуда-жуда қўрқардим.
-Сен унинг ташвишини қилмай қўяқол,-деди ойим пинагини ҳам бузмай.- Мана мен борман, келажагини ўйлайдиган. Қачон ўлсам ана ўшанда у ҳақда қайғуришинг мумкин.
Шунда ожизлигимдан, ҳеч нима қилолмаслигимдан жуда ўкиндим. Мен мактабни тугатиб, Политехника институтига киришни орзу қилардим. Энди эса бу орзуимни орқароққа суришга мажбур эканлигимни тушундим. Туман марказидаги билим юртига ўқишга кирдим. Курсдошларим дам олиш кунлари ва байрамларда уйларига ошиқишарди. Мен эса ҳатто таътил кунлари ҳам уйга боргим келмасди. Ҳар гал йўлга отланганимда нимадир менга тўсқинлик қилаётгандай туюлаверарди. Чунки уйга борганимда ойим совуққина қарши олар, ойлаб келсам ҳам нега келмаяпсан, деб сўрамасди. Ўқишим нима бўлаяпти, юриш-туришим қандай бўлаяпти, бу ҳақда сўрамасди ҳам. Кетаётганимда эса пул тутқазиш у ёқда турсин, яхши бор, деб ҳам қўймасди. Бундай аҳволда мендан бошқа бола бўлса аллақачон безориларга
қўшилиб кетарди. Мен ундай қилишни ўйламасдим ҳам. Ахир мен учун ҳеч ким қайғурмаслигини, келажагим ҳақида ўзим ўйлашим кераклигини ҳис ҳилганим ҳам бунга йўл қўймаётганини тушуниб турардим. Ётоқхона яқинида Абдували деган киши яшарди. У ўз уйида енгил машиналарни тузатарди. Қўли гул уста бўлган бу киши анча машхур эди. Эрта-ю кеч уйининг олдида тузаттиришга келган машиналар қатор туришарди. Мен бўш вақтларимда шу кишига қарашиб юрардим. Бунга сабаб техникага қизиқишимдан ташқари озроқ бўлса ҳам пул топиш эди. Ёзги таътилда ҳам уйга бормай Абдували аканинг олдида қолардим. Уч йиллик ўқишим давомида биз ота-боладай бўлиб кетдик. Ундан кўп нарсаларни ўргандим. Тушунмаганларимни эринмай қайта-қайта тушунтирар, ўзи билганларининг ҳаммасини ўргатишга харакат қиларди.
Ундан ташқари жисмонан бақувват бўлишни жуда истардим. Керак пайтда ўзимни ва бошқаларни химоя қила олишим учун ҳам керак, деб ҳисоблардим. Шунинг учун бокс тўгарагига қатнашиб, мунтазам шуғулланардим. Мураббийимиз, спорт билан шуғулланган киши руҳан кучли бўлади, деб кўп марта таъкидларди. Бу гапнинг тўғрилигига мен кўп марта ишонч ҳосил қилгандим. Бир марта вилоят биринчилигида қатнашиб учинчи ўринни олдим.
Билим юртини тугатиш мен учун жуда қувончли эди. Сабаби, фақат икки кишигина имтиёзли диплом олгандик. Бу эса кўп йиллик орзуйимга йўл очилганидан дарак берарди. Бир курсдошимникида дипломни «ювдик». Ўртоқларимнинг қистови билан ўшанда биринчи марта ароқ ичдим. Шунинг учунми, анчагиа маст бўлиб қолгандим. Кеч бўлиб қолганига қарамай уйга йўл олдим. Тезроқ бориб дипломни ойимга кўрсатиб, уни севинтирмоқчи бўлдим. Қишлоққа кириб борганимда вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Уйдагиларни безовта қилмаслик учун ҳовлига девордан ошиб кирдим. Шарпамни сезиб ошхонадан чиқиб келган ойимнинг менга кўзи тушиши билан негадир ранги оқариб кетди. Лекин мен бунга эътибор берадиган аҳволда эмасдим.
-Самандар, сенмисан? Қўрқитиб юбордингга. Ош қилгандим, ҳозир сузиб бераман. Ошхонада еяқол. Уйда Шаҳодат дугонаси билан ўтирибди. Уларга халақит берасан, -деб уй томонга ҳадиксираганлай қараб қўйди.
-Овқат емайман, қорним тўқ,-дедим ойимнинг бундай кутилмаган меҳрибончилигидан ҳайрон бўлиб.
Ихтиёринг, деб ойим ошхона томонга қараб кетаркан яна бир марта ,сингилларингни безовта қилмагин-а, деб уй томонга ишора қилди. Мен уларнинг олдига кирармидим, деган ўй билан уйга кирдим. Даҳлиздаги эркакларнинг туфлисини кўриб ҳайрон бўлиб тургандим ичкаридан Шаҳодатнинг хиринглаб кулгани ва эркак кишининг овози эшитилди. Юрагим «шиғғ» этиб кетди. Наҳотки Шаходат ҳам… Эшикни жон-жаҳтим билан тепгандим шарақлаб очилиб кетди. Хонадаги аҳволни кўриб даҳшатга тушдим. Енгсиз кўйлак кийган, роса пардоз-андаз қилган Шаҳодатни 35-40 ёшлардаги тепакал, сарғимтир бир киши қучоқлаб ўтирарди. Олдиларидаги хонтахтага турли-туман егулик ва ичкиликликлар қўйилганди. Иккаласи қўлларидаги пиёлани уриштираётган эдилар. Шаҳодат менга кўзи тушиши билан «вой» деганича ўрнидан туриб кетди. Қўлидаги пиёла тушиб кетиб жаранглаб шишага урилди. Ёнидаги киши сенга нима керак, дегандай безрайиб қараб турарди. Бу ерда нималар бўлаётганини шу заҳоти тушундим. /азабим қайнаб, ўзимни идора қилолмайдиган аҳволга тушиб қолдим. Бостириб борарканман, нима қилаётганимни ҳам билмасдим. Шаҳодат ҳамон тош қотиб турарди. Ёнидаги киши, сенга нима керак, деб ўшқирди.
Унинг бу сурбетлиги менга жуда ёмон таъсир қилди. Бир тепган эдим, хонтахта ағдарилиб, устидаги нарсалар сочилиб кетди. Бу нима қилганинг, деб Шаҳодатни бир шаполоқ ургандим, у ағдарилиб тушди. Ўрнидан сапчиб турган халиги кишнинг ёқасидан бўғиб, мен бунинг акаси бўламан. Сен ўзинг кимсан, нега харом оёғинг билан уйимни булғадинг, дедим. У «ҳозироқ қўйиб юбор, бўлмаса қамоқда чиритаман», деб дағдаға қилди. Чираниб қўлимдан чиқишга урина бошлади. Шунда урдими, тепдиммми, эсимда йўқ, ағдарилиб тушди. Ётган жойида жуда ёмон сўкинди. Бу мени ғазаблантириб юборди. Дуч келган жойига уриб, тепа бошладим. Отилиб кирган ойим, бас қил, ўлдириб кўясан-ку, деб торта бошлади. Пайтдан фойдаланиб қолган у киши ўзини эшикка урди. Ташқари эшик олдида етиб олиб орқасига тепган эдим, зинадан пастга думалаб кетди. Етиб келган ойим яна мени ушлаб олди. Унинг қўлидан чиқиб ҳовлига отилиб чиққанимда ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. У ёқ, бу ёққа чопиб қидирдим, лекин тополмадим. Афтидан у девор ошиб қочиб қолганди. Уй олдига қайтиб келганимда у ерда ойим титраб- қақшаб турарди. (Давоми бор)
Категория: QIZIQARLI MALUMOTLAR | Ko'rildi: 802 | Qo'shdi: ANIMEADMIN
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Ro'yhatdan o'tish | Kirish ]