Salom sizga, Гость! Ro'yhatdan o'tish RSS

BEKORCHI.UZ

Juma, 17.01.2025
Bosh sahifa » 2011 » Iyun » 4 » МУҲАББАТ УЧУН БУЙРАК!
11:25
МУҲАББАТ УЧУН БУЙРАК!

www.bekorchi.uzМуҳаббат...О, бу туйғу ҳақида куйланмаган қўшиқ, куймаган ошиқ, ёнмаган юрак, ёзилмаган асар, битилмаган ғазал, яратилмаган фильм қолдимикан? Агар, муҳаббат ёшини инсон эволюцияси билан ўлчасак, назаримда, муҳаббат олдинроқ дунё кўргани ҳақида тафаккур ўз-ўзи билан баҳсга киради. Ростданам, аввал инсонми ё муҳаббат яралган? Инсон десак...у муҳаббатсиз бир кун ҳам яшай олармиди? Ҳаёт биринчи сонияларидаёқ улашган ўша пок туйғу ила нафас олган бўлсак, не ажаб? Агар муҳаббат олдин яралган десак, бу туйғу инсонсиз асрлар оша умргузаронлик қила олармиди? Нима бўлганда ҳам, дунё чексиз муҳаббат ила яратилгач, бир чимдими инсонга аталгандир...Буни қаранг, шу бир чимдим оташ туйғу ила, оламни, табиатни, заминни, инсонларни севамиз...Шу туйғу ила атрофдан, ўзимиздан гўзаллик излаймиз...Ёнамиз, ёндирамиз, яшаймиз!

Ҳиндистон деганда аввало, муҳаббат мамлакати деган таъриф келади. Бу ҳам бежизга эмас. Севгига тўла қўшиқлар, ишқ йўлида тамомила ўзини унутган ошиқу беқарорлар...Хуллас, шундай! Минг бора эшитиш ва кўриш бошқаю, бир марта шундай мустаҳкам муҳаббат ва унга садоқатга амин бўлиш бошқа экан! Ҳинд ўлкасида ўқиб юрган кезларим, автофалокат туфайли шифохонада даволанишимга тўғри келди. Бу ҳам тақдирда. Дард чекиб, ҳаётнинг қизиқ ишларига гувоҳ бўлиш пешонага битилган экан. Даво кунларининг тахминан тўртинчи ё бешинчи кунларида парда билан тўсилган ёнимдаги хонага бир бемор келтирилди. Унинг ҳар соатда инграган овозидан аёл эканлигини англадим. Шу қадар аянли овоз эдики, оғриққа зўрға дош бераётганлигини ҳис қилиш мумкин эди. Бир куни хонамга бир йигит ҳол аҳвол сўраб кирди. Гапдан гап кетиб, ўзини шу ёнимдаги хонада ётган аёлнинг ўғли дея таништирди. Мен эса, унинг онасининг аҳволи ҳақида сўрадим. Дарди оғирроқми, тунлари билан ухлай олмаётгани ҳақида айтдим.

-Ҳа, онам жуда қаттиқ оғриқни бошидан кечиряпти. Яқинда операция қилишди. Битта буйрагини отамга трансплантация учун берди. Ойим шу пайтгача биронта касалликни бошидан кечирмаган, соғлом аёл эди...дея гапирди йигит.

Пешонамни совуқ тер босди. Ачиниб йиғлашимни ҳам, қойил қолганимдан қандай юз ифодаси қилишни ҳам билмайман.   

Яна давом этди:

-Отам сўнгги уч-тўрт йилдан бери қандли диабет касаллигини бошидан кечириб, даволанмай юрган экан, икки буйраги ҳам ишдан чиқди. Унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг бирдан бир чораси ўзга буйрак ўрнатиш. Биласиз, бу операция энг қиммат ҳисобланади. Бу ҳам майли, агар шу организмга тўғри келадиган орган топилиши энг катта муаммо.

-Сен-чи, сен?...Оналар шундоғам бизлар учун қанча азоб чекади. Ёши ўтаётган онани  яна ундан ҳам баттарроқ азобга солиш виждон ва инсофнинг қайси мезонига тўғри келади? Сен буйрагингни берсанг бўлмасмиди, отанг учун?

-Мен бу ҳақда эшитган биринчи онлардаёқ рози бўлдим. Ахир, отам. Ёшман, бир амаллаб яшаб кетишимга ишондим. Бироқ, врачлар ёшим тўғри келмаслигини айтишди. Шу йили 20 га тўламан. 50 яшар инсон учун  орган берувчи донор 20 ёшдан ошган бўлишини уқтиришди. Мамлакатимизда пулга муҳтож камбағаллар ҳам роса кўп. Улар битта буйраги тугул, иккитасини ҳам пул учун беришга тайёр. Бироқ, бу барибир жиноят. Кези келиб, сири очилса, яна бошимизга бало бўлишини ўйладик.

Ўйланиб қолдим. Хаёлларим ҳеч тинчлик бермасди. Синган оёғим оғриғи етмагандек, ёнимда инграб ётган аёлнинг матонати, бардоши ҳақидаги ўйлар юрагимга санчқи киритди. У билан гаплашгим келди...

-Оғриқлар қолдими? Дардингизга ҳамдардман.

-Раҳмат. Сиз ҳам тезроқ тузалиб кетишингизга тилакдошман. Нима бўлди?

-Бахтсиз ҳодиса. Институт олдидан кесиб ўтаётгандим машина уриб кетди. Фалокат оёқ остида экан. Ўғлингиз билан гаплашдим. Нега йиғлаётганингизни тушундим. Очиғи қойил қолдим, матонатингизга. Сиз шунчаки аёл эмас, қаҳрамонсиз! Аёлларни кучсиз хилқат дея санашади. Сиз туфайли гувоҳ бўлдимки, таъбир жоиз бўлса, аёллар эркакларданда кучлироқ ва чидамлироқ банда эканлар! Умрим бино бўлиб, турмуш ўртоғи учун буйрагини ёки бошқа ички органини донор сифатида берганлар ҳақида эшитмаганман. Танага биров учун тиғ теккизиш, туғилгандан буён мавжуд бирон тирик неъматни бошқа учун совға қилиш... билмадим, бунинг учун севгидан-да, дўстликдан-да кучдироқ туйғуга асир бўлиш керак. Узр кўп гапирган бўлсам...

-Нега. Гапларингиздан ўзимни ҳақиқатан ҳам қаҳрамонлардек сездим(мийиғида кулади). Биласизми, ҳинд аёли учун эр худодан кейин туради. Менимча, менинг ўрнимда бошқа аёлларимиз ҳам шундай қилган бўларди.Турмуш ўртоғимнинг бетоблигини билгач, қариндош уруғларга роса мурожаат қилдик. Қайинсинглимиз ҳам оилали. Унинг турмуш ўртоғи рухсат бермади. Қайнонам рози бўлдилар-у, фақат 75 ёшга тўлган ҳамда қандли диабет касаллигига чалинган. Аслида энг биринчи мен рози бўлгандим, барибир сўнгги ўтинч менга қайтгандек... Бироқ, мени аядиларми, йўқ деб туриб олдилар. У кишининг кўзларидаги илинжга, сўзсиз ёлворишга қараб тура олмадим. Биргаликда шартта шифохонага йўл олдик...

-Ҳозир у кишининг аҳволи қандай?

-Узоқдан, палата эшигининг кичик ойнасидан тикилдик, ўғлим билан. У киши қўл силкитди. Юзида хурсандчилигини билдиришга азоб билан бўлса-да илинди. Мен тангрига шукроналар билдирдим. Биргина шу ҳолат учун, эримга яна янги умид улаша олганим учун ҳам чексиз азобларнинг қанчаси бўлса, шунчасини енгишга қарор қилдим.

-Ҳечам ачиниш ҳисси бўлмадими?

Нега энди? Турмуш ўртоғим бир кунми, беш кун яшайдими, унинг тирик кўзларига боқиш, табассумини кўриш учун иккинчи буйрагимни ҳам беришга тайёрман.

Очиғи, кўзимдан қандай ёш чиққанини билолмадим, шу боис яшира олмадим ҳам. Муҳаббатнинг нархи арзонлашдими деб ўйлаб юргандик...Тўғри давр алмашишга, замон ўзгаришга, асрлар ошишга маҳкум. Ҳамма таркиб ўзгарса ҳам, муҳаббат қийматини барибир сақлаб қоларкан. Муҳаббатнинг салгина ҳаётга мослашгани унинг йўқолиб кетгани ёки бозорга солинганига қиёслаш эса гуноҳдан бўлак нарса эмас. Муҳаббат арзонлашмаган, аслида бизнинг қалбимиз қиймати тушиб кетган...Яша, муҳаббат. Зора, сен  туфайли наинки, бир биримизни, бутун бир планетани асраб қололсак...

СЎНГСЎЗ

Аграда қад ростлаган пок туйғунинг тирик нишонаси- "оппоқ нур”, дунёнинг етти мўъжизасидан бири Тож Маҳал шунчаки бунёд бўлдими, Навоий минглаб ғазалларни шунчаки битдими, нега Ромео ва Жульетта ҳануз ошиқлар қалбида тирик...Муҳаббат сирли, муҳаббат қудратли, муҳаббат барҳаёт! Севинг ва севилиб яшанг. Шунда биласиз, ҳаёт нақадар гўзал, сиз эса қанчалар унга муносиб!

Категория: QIZIQARLI MALUMOTLAR | Ko'rildi: 1306 | Qo'shdi: ANIMEADMIN
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Ro'yhatdan o'tish | Kirish ]