Bosh sahifa » 2012 Yanvar 4 » Ёлғизлик
12:37 Ёлғизлик | |
Тонг ёришмасдан уйғонган
Мавлон ота анчагача саҳн ўртасидаги сўрида ёнбошлаб ётди. Мана, бир
ойдирки ётади, туради, кенг ҳовлини уч-тўрт бор айланади. Бошқа иш,
бошқа ташвиши йўқ. Соғлиги ёмон эмас, оёғи зирқираб оғригани билан, салкам юз йил кўтарган вужудни ташлаб қўймайди. Фақат бир муаммо бор: фарзандлари остона ҳатлаб кўчага чиқишига изн беришмайди. -Ҳой бола,-деди у тунов куни ишга отланаётган катта набирасига.-Мени уй қамоғига ҳукм қилганмисан, ахир бу тўрт девор ичида захлаб кетдим-ку. Боласи тушмагур ўлгудай жиддий, совуққон. Бунақа илтижо унинг юрагига етиб бормайди. -Опоқдада,-дейди у худди ўз ходими зиммасига муҳим вазифа юклаётгандай.-Айтинг-чи, сизга нима етишмайди? Шу ёшда Худо кўрсатмасин, йиқилиб-туртилиб кетсангиз, раҳматли дадамнинг руҳи безовта бўлмайдими? Ёки эвараларингиз гапингизга киришмаяптими, эҳтимол келинингиз дилингизни оғритаётгандир? Мавлон ота набирасининг ўктам овози, салобатли қадди-қоматига ер остидан тикилиб, ўғли Муродбекни эслади. Қаранг, Аллоҳ нақадар қудратли, чевар. Боласи тушмагурнинг юриш-туриши, гапириши, виқори-ю сиёсати нақ отасига ўхшайди. Гўёки Муроди ўлмагандай. Яхшики ягона фарзандидан ёлғиз ёдгорлик – шу йигит қолган экан. Ҳозир Азизбекнинг уч ўғли-уч паҳлавони бор. каттаси ўн олтида, кенжаси бу йил учинчи синфга ўтди. Ҳаммаси эсли-ҳушли, одоб-ахлоқли, меҳнаткаш. Яна барчаси опоқдадасининг «шахсий» тансоқчиси, аниқроғи, пойлоқчиси. Дадалари қандай юмуш тайёрлаб кетса, айтганини сўзсиз адо этишади. Бир ойдирки бу «пойлоқчи»лар отахоннинг босган қадамини кузатиб, қўлтиғи остидан чиқишмайди. Аслида, Содиқ устанинг издиҳомидан келаётиб машинага чиқиб олса олам гулистон эди. Боғ тарафдаги Райиш ариқ бўйи одамнинг баҳридилини очадиган даражада хушманзара экан. Қайтишда оёқнинг чигилини ёзаман деб, ҳамроҳлари қуршовида йўлга тушди. Маҳаллада унинг тенгги йўқ – ҳаммаси ўтиб кетган, шу боис олтмиш-етмиш ёшлардаги «улфат»лари уй-уйларига кириб кетгач, катта йўлда бир ўзи қолди. Худди шу пайт тўнғич эвараси Аюбжон коллеждан қайтаётганди. Бобосининг ариқ бўйида чайқалиб турганини кўриб қўрқиб кетди, жон ҳолатда бориб, елкасидан тутди. Кейин шу воқеани дадасига айтиб қўйди-ю, алал-оқибат «уй қамоғи»га маҳкум этилди. Тўғри, Азизбек анча бадавлат яшайди. Бобосининг хонасини ҳам гулдай безатиб, чиройли жиҳозлатиб қўйган. Борингки, иссиқ ва совуқ сув, хона ичкарисида таҳорат оладиган хилхона, уч-тўрт қатор сочиқ, тоза совунлар. Чет эл жавон тахлами ўртасидаги «ойнаи жаҳон» фақат отахонга аталган. Аммо у кўпроқ радиони хуш кўради, юмшоқ ўринга чўзилиб ётиб, бири-биридан бийрон сухандонларнинг олашовут суҳбатлари-ю, мумтоз қўшиқларни мириқиб тинглайди. Мавлон отанинг иссиқ-совуғига ўртанча набира Ашурбек масъул. Бу бола отасининг акси, доимо кулиб юради, кўп гапиради, опоқдадасининг у ёғидан-бу ёғидан ўтиб, овқатини пок-покиза едиради. Тушликдан сўнг то қуёш тафти пасайгунча озгина мизғиб олиши шарт. Бундай шароит шоҳларда ҳам йўғ-у, лекин отахон барибир зерикиб қолаверади. У йигитлик чоғларида Ўшдаги Боботоғ қирларини кўп кезган, кейин геология қидирув хизматида ишлаб юриб, Олой, Помир тизмаларигача етиб борган, табиатдан завқ-шавқ олиб ўрганган тўпори инсон эди... -Болам, эсингдами?-деди отахон набираси ишга кетмасидан аввал инсофга келтириш илинжида.-Сени отанг Мурод кўчага чиқармай, фақат уйда дарс тайёрлатарди. Ёдингда бўлса, бир-икки соат сайр қилиб келишингга мен рухсат берардим. Энди сен менга адолатсизлик кўрсатяпсан. Оқсоқолнинг иддаосида болаларча соддадиллик, беғуборлик бор эди. Узоқ яшаган инсон болага ўхшаб фикрлаши айни ҳақиқат экан. -Опоқдада, у пайтлар эсим йўқлиги учун сизни «йўлдан урганман», сиз ақллисиз-ку... Мавлон отанинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, маъюс тортди. -«Гоҳида ақллилик ҳам бало», деганлари шудирда, болам. Азизбек Ашурбекни чақирди. -Ҳозир ҳаво салқин, бобонг шамоллаб қолмасин, нима деса шу ерда муҳайё қил, уқдингми? Дум-думалоқ, лаблари қалингина, очиқ юзли бола ачингандай оқсоқолга қараб, «Хўп, дада!», деди. Мавлон ота ортиқ индамади. Аммо кекса тафаккурда болаларга хос шум бир фикр уйғонган эди. Мана шу умид унинг кайфиятини кўтарди, ҳаттоки ажин босган, оппоқ соқолли чеҳрасида нур жилвалангандай туюлди. У чошгоҳдан тушликка қадар келини шундайгина ҳовлиси ортидаги мактабда дарс беришини, эваралари ҳали ўқишга чиқишини, иккинчи навбатда машғулотларга борадиган Ашурбек қўй-қўзилар билан андармон бўлишини биларди. Отахон айнан шу фурсатни кутди. Кутганингда вақт тошбақадай имиллаб ўтишини энди қайтадан сезди. Қизиқ-да, тўқсон йиллик умр кўз очиб юмгунича шамолдай эсиб, юз-кўзларига кексалик муҳрини чизиб кетибди-ю, шу топда атиги ўн-ўн беш дақиқали фурсат йилларга татиса-я. У кўчага чиқиб Йўлдош тоғанинг боғига ўтди. Аниқроғи, шу чаманзор этагидан оқиб ўтувчи Райиш ариқ қирғоғида қад ростлаган баҳайбат ёнғоқзорга боради. Негаки, азал-азалдан шу соя-салқин, хушманзара масканни ёқтиради. Мана шу қирғоқдаги ўтлоқда бир нафас дам олмоқлик, тинчгина, жимирлаб оқаётган сувга термулиб ўтирмоқлик унинг энг интиқ орзусига айланса-я. -Опоқдада, мен дарров дарсимни ўтиб чиқаман, икки дона тухум қайнатиб, дастурхонга қўйдим, еб олинг! Келини Моҳира йўл-йўлакай гап уқтириб, ҳовли тарафдаги дарчадан мактабга ўтиб кетди. Ашурбек ҳам пақир кўтариб оғилхона томонга юрди. Мавлон ота «озодлик онлари» яқинлашганини сезганида, юраги гупиллаб ура бошлади. У шундагина ёнидаги ҳассасига таяниб, дарвозахонага йўл олди. Ҳар қадамида ортига қараб, биров кеп қолмасмикан, деган ҳадик ила қадами юришмаётганлигидан асаби бузилди. Аммо, тезда ўзини босиб, дарвозага яқинлашди. Яқинлашди-ю, илгичдаги муштдай қулфни кўриб, бошидан совуқ сув қуйилгандай сесканди. У бу дамни кўп кутганди, энди мақсадига эришай деганида... Кўз ўнги қоронғулашиб, тиззалари қалтираётганини, агар ҳозир нафас ростламаса, бирон кўнгилсиз ҳол юз бериши мумкинлигини туйди. Шундоққина ёнбошдаги ёғоч курсига ҳорғин чўкди. Ҳассасига илашган ипни нари сурмоқчи эди, бахтига у ип эмас, калит боғланган ип бўлиб чиқди. Ва шу заҳоти бутун вужудида куч-ғайрат жунбушга келди, тиззаларидаги бояги оғриқ йўқолди. Энгашишдан чўчиб, калитни ҳассаси учи билан кўтариб олди. Мана шу тадбири ўзига ёқиб, ёш боладай ёқимли илжайди. Дарвоза осонгина очилди. Чошгоҳ вақтидан ўтиб қолгани учун кўча кимсасиз эди. Йўлнинг нариги тарафидаги Райиш ариқ тўлиб оқарди. «Экинга сув қўядиган вақт келибди-да», ўзича мулоҳаза юритди оқсоқол. Ва шу ондаёқ хаёлларини қувиб, мақсад сари юришини бошлади. Ёнғоқзоргача ярим чақиримдан мўлроқ масофа бор эди. У томонда маҳалла йўқлигидан одамлар фақат нариги қишлоқдаги тегирмон ёки ёғоч қирқадиган устахонага ўтиб туришарди. Аввалига эътиборга тушмай кўчага чиқиб олганидан севинган нуроний бир оздан сўнг неча йиллардан буён беаёв таъқиб қилиб келаётган ёлғизлик зулмидан тушкун кайфиятга тушди. Шу топда ёш болами, ўспиринми, унга барибир, икки оғиз гаплашса кифоя эди. Асли мақсад ҳам шу иштиёққа қоришиб кетганди. Тўғриси, тўрт мучаси соппа-соғ, фикри тиниқ одам танҳоликдан безиллаб, юрак олдириб қўйганди. У одатдагидан тез юргани учун тезда толиқди. Назарида, ўша ёнғоқзор дунёнинг нариги чеккасига кўчиб ўтгандай, унга ҳеч қачон етолмайдигандай туюлди. Умид ила ён-верига нигоҳ бурди. Узоқдан тупроқли йўлни чангитиб келаётган ўсмир кўринди. Кўнгли ўрнига тушиб, унинг яқинлашишини кутди. Яқинлашганида имо қилишга ҳам улгурмади, ҳассасини кўтаргунича велосипед шамолдай ёнидан учиб ўтди. Энди ўзига ишониши кераклигини англаб, бутун куч-қудрати, иродасини жамлади. Қизиқки, оёқ дадил босганида ҳассаси судралар, ҳасса мўлжалга тўғри тушганида оёқ зирқираб, жони оғрирди. «Набирам бекорга уйда сақламас экан-да,-хаёлга толди отахон.-Бир пайтлар ёнғоқзорга ўқдай учиб бориб келарди. Айниқса, қизлар қумлоқда пахта терганида, бир оёғи ана шу боғдан узилмасди. Раҳматли кампири билан тез-тез учрашадиган манзил ҳам ёнғоқ таги эди.-Эҳ-ҳе, шундан буён етмиш йил ўтибди. Етмиш йилда қиличдай йигитлар, дилбар қизлар вақт ва умр чангалида афт-ангори-ю, қадди-қоматидан айрилдилар, нечтаси эса чин дунёга равона бўлиб, улардан ному нишон ҳам қолмади. -Мавлон бува, нима қилиб юрибсиз? У Зуҳриддин тақачининг ўғли Зайнобиддин сариқни зўрға таниди. Ёши етмишга яқинлашиб, қадди камондай эгилган Зайнобиддин хайриятки тирик экан. У билан кўришмаганига ҳам беш-олти йиллар бўп кетди-я. -Қизимникидаман, Сариқкапага бориб қолдим,-отанинг кўнглидан кечган саволга жавоб қайтарди у.-Биласиз, шу қишлоқни жоним суймасди, энди ўлигим ўша ердан чиқади, шекилли... Зайнобиддин шошиб турган экан, юрагини бўшатди-ю, суҳбатдош ҳам ўзи каби суҳбатга ташналигини илғамай, йўлида давом этди. «Қимирлаган қир ошар», деганларидай у паккага етиб келди. Дарахтлар қуюқ соя ташлаган, енгил шабада ғир-ғир эсаётган, боғдан анвойи мевалар иси анқиган бу гўша чиндан ҳам жаннатнинг бир парчаси эди. Ота эгнидаги чопонини ечиб, юмшоқ гиёҳлар устига тўшаб, ҳолсизгина ўтирди. Лекин, орадан бир пиёла чой ичгудек муддатда бағрига шамол тегиб, баданига тетиклик югурди. Инсон қанчалар улуғ ёшга кирмасин, юз кўриниши, қомати қуриётган тол каби букчаймасин, барибир кўнгли ёшлигича, навқиронлигича туравераркан, аниқроғи, қалб қаримас экан. Ҳозир у тенгдошлари билан ўрик ўғирлаган пайтини эслади. Ўшанда пастак бўйли, бақувват, оёқлари семиз Сайфи ака ит қувган мушукдай болаларни олдига солиб тизғиратган эди. Мавлонбек орқада қолгани учун ўпкаси ёрилиб, жон ҳолатида қочаркан, Райиш ариғига яқинлашганида бехосдан йиқилди. Ортидан елдай чопиб келаётган Сайфи қоровул унга қоқилиб, тўпдай ҳавода учиб, катта ариққа ағдарилиб тушганди. Бу гап бутун маҳаллага овоза бўлгач, Сайфи ака қоровулликни ташлаб, пахта тайёрлаш масканига пахта қуритувчи бўлиб ишга кириб кетганди. Орқадан оёқ товушлари эшитилди. -Ё қудратингдан, Мавлон ота, бу ерга қандай келиб қолдиз?-боғбон Йўлдошбой ака отанинг панжаларини маҳкам қисди.-Ишқилиб, Азизбекдан сўраб чиқдингизми? Ота сукут сақлади. Унга савол оғир ботганди. «Ёпирай, бу нима деган гап? Ахир гўдакманми ёки ёш боламанмики, бир қадам жойга ҳам ўзим келолмасам...». -Бўпти, мен анорларга сув тараб қўювдим, ариқдан эҳтиёт бўлинг,-Йўлдошбой кетмонини судраб, дарахтлар орасида кўздан йўқолди. Мавлон ота бундан беш-олти йил аввалги ҳаётини эслади. Ўшанда қанчалар бахтли экан, ҳарҳолда у билан суҳбатлашиб чарчамайдиган Меҳмон ҳожи тирик эди. Улар эрталабдан кечга қадар бир-бирларидан ажралмасдилар. Издиҳомларда ҳам доимо ёнма-ён ўтиришарди. На униси ва на буниси бирон ёққа шошилишмасди ҳам. Бечора соппа-соғ юриб, жойнамоз устида жон бериб қўйди. Ўшанда Мавлон ота илк бора бу ёруғ дунёда ёлғиз қолганини сезди. Йўқ, бу ҳиссиёт сал илгарироқ, кампири Қумри отинча рихлатга чекинганида уйғонганди, кейин ҳамсуҳбати, дардкаши вафотидан сўнг бутунлай одамлар орасида танҳоликка юз тутганини фаҳмлади. У энди тушунди. Кексалик, узоқ умр кўриш яхши экан-у, лекин атрофингда ёр-биродарларинг, салафларинг ҳам бахт-саодат кўшкида эркаланиб ётишган бўлса. Мана, ҳозир шу ёшда ҳам егани олдида, емагани ортида. Бир имосига кўнгли тусагани муҳайё. Аммо... кекса одам учун бир тишлам нон-у, бир пиёла чойнинг ўзи кифоя. Муҳими, сен билан хотиржам суҳбатлашадиган, юрагингга қулоқ соладиган ғамгузоринг топилса бас. Не чораки, ҳаётда бунинг акси... Ҳамма келиб дуо сўрайди, сиҳат-саломатлиги билан қизиқишади, емоқ-ичмоғидан хабар олади, лекин бирон кимса ёнида хотиржам ўтирмайди. Ҳамма қаергадир шошилиб туради, ҳаммасининг вақти қил устида... Узоқдан эвараси Ашурбек кўринди. -Бува, жинни бўп қолаёздим-ку, нега индамай чиқдингиз? Оқсоқолнинг кўзлари сокин оқаётган сувдан узилгиси келмасди. Умр ҳам шу Райиш ариқ каби чўзилиб кетди. Ўйлаб кўрса, дунёда беш маҳал ибодатидан бошқа илинжи қолмабди. Рости ҳам шу, инсон бировларга юк бўлиб яшамасин экан, ҳаттоки у ўз зурриётинг бўлса ҳам. Гарчи комил фарзандлар қартайган падарларининг ўринли-ўринсиз хархашаларини малол олишмаса ҳам, барибир одам худди ўзини ўзганинг елкасида юргандай сезаркан. -Бува, турақолинг, ҳозир дадам ёки аям кеп қолишса, таъзиримни беришади. Кейин, дарсга ҳам шошиб турибман, қани, бўлинг... Мавлон ота эварасининг гапига кўнишдан бошқа иложи йўқлигини биларди. У оғир қўзғалиб, худди ёш бола каби Ашурбойнинг олдига тушиб, оҳиста одимлади. | |
Категория: QIZIQARLI MALUMOTLAR | Ko'rildi: 823 | Qo'shdi: ANIMEADMIN |
Всего комментариев: 0 | |