Salom sizga, Гость! Ro'yhatdan o'tish RSS

BEKORCHI.UZ

Payshanba, 16.05.2024
Bosh sahifa » 2011 » Yanvar » 12 »
08:02
Муҳаррам ойи рўзаси
islom.uz
Луғатда «муҳаррам» сўзи, «ҳурматланган», «ҳаром қилинган», «улуғланган» маъноларини англатади.
Дарҳақиқат, муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сана бошланадиган ойдир.
Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ой Аллоҳнинг ойи деб номланади, бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири, Ашуро куни бор. Бу ойнинг ҳурмати, ҳаромлиги ва улуғлигини ҳадисларни ўрганиш давомида яна ҳам чуқурроқ билиб оламиз.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар
».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Рамазон рўзасидан кейинги энг афзал рўза муҳаррам ойи рўзаси экани.
2. Муҳаррам ойи Шаҳруллоҳ – Аллоҳнинг ойи, деб номланиши.
3. Фарз намозидан кейинги энг афзал намоз кечасидаги намоз экани.
4. Муҳаррам ойида кўпроқ рўза тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозимлиги.
5. Кечаси таҳажжуд намозлари ўқишга одатланишимиз кераклиги.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Рамазондан кейин қайси ой рўзасини тутмоғимни амр қиласиз?» деб сўради.
«Агар Рамазондан кейин рўза тутувчи бўлсанг, муҳаррамни тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилгандир ва бошқа қавмларнинг тавбасини қабул қиладир», дедилар
».
Термизий ривоят қилган ва ҳасан деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қайси вақтда нафл ибодат қилиш афзал эканини билиб олишга қизиқиш, унинг пайидан тушиш фазилат экани.
2. Рамазон рўзасидан кейинги энг афзал рўза муҳаррам ойи рўзаси экани.
3. Муҳаррам ойи Аллоҳнинг ойи номига сазовор бўлган ой экани. Зотан, барча ойлар ҳам Аллоҳники. Лекин муҳаррам ойинигина шу ном билан номланиши, бу ойнинг шарафига шараф қўшади.
4. Муҳаррам ойида Аллоҳ таоло ўтган қавмлардан бирининг тавбасини қабул қилгани.
5. Муҳаррам ойида Аллоҳ таоло бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилиши. Шунинг учун бу муборак ойда қавмлар тавбага шошилсалар, яхши бўлади.

АШУРО КУНИ

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.

Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг ҳузурига бориб:
«Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер», дедим.
«Қачон муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг санаб бор, тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди у.
Мен:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилиб, унинг рўзасини тутар эдиларми?» дедим.
«ҳа», деди у
».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало, ривоят ровийи ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳу билан танишиб қўяйлик:
ҳакам ибн Абдуллоҳ ибн Исҳоқ Аъраж ал-Басрий тобеинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини Ибн Аббос, Ибн Умар, Имрон ибн ҳусайн, Маъқал ибн Ясор, Абу Бакра, Абу ҳурайралар орқали ривоят қилдилар. Бу ҳадислар ишончли, лекин унча кўп эмас.
Биз танишган ривоятда Ашуро рўзаси муҳаррам ойининг тўққизинчи куни тутилиши ҳақида сўз кетмоқда. Нима учун бундайлиги ҳақида гап юритишдан олдин, бу масалага оид бошқа ҳадисларни ҳам кўриб чиқсак яхши бўлар, деган умиддамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳниниг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон келаси йил бўлса, иншааллоҳ, тўқ-қизинчи куннинг рўзасини ҳам тутамиз», дедилар.
Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар
».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро куни рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида баъзи хабардор саҳобийлар Ашуро кунини яҳудий ва насоролар улуғлашини У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатдилар. Чунки саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий ва насороларникига ўхшаш ишни қилмасликларини, доимо уларникидан бошқача, Ислом умматига хос иш қилишларини яхши билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаи киромларни бошқа дин эгаларига ўхшашдан, уларга эргашишдан қайтариб келар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг Ашуро куни рўзаси ҳақидаги хабарларини бағрикенглик билан қабул қилиб олдилар. Уни ҳисобга олдилар ва янаги йили яҳудий ва насороларга ўхшаб муҳаррам ойининг фақат ўнинчи куни эмас, балки уларга хилоф қилиб, тўққизинчи куни рўзасини тутишларини айтдилар. Аммо ўзлари янаги Ашуро келмасдан Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар.
Лекин гаплари ўз кучида қолди. У зотнинг умматлари айтганларини қилиб, муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишга одатланди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.
Шарҳ: Бу амр аввалги ҳадисда зикр қилинган ҳодисалардан олдин бўлган.
Ушбу ривоятлардан умумий хулоса қўйидагича.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.
Бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлашини билиб қолганларидан кейин, ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилганлар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб вафот этдилар.
Биринчи ривоятда келганидек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳу саволига жавобан, тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир, деганлари муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганлари бўлади. Яъни, тўққизинчи кунни, сўнг эса, ўнинчи кунни тутасан, деганлари бўлади. Зотан, Ашуро ўнинчи кун, дегани эканини аввал ҳам айтиб ўтганмиз.

У КУН РЎЗАСИНИНГ ФАЗЛИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қурайш жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жоҳилият даврида унинг рўзасини тутар эдилар. Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишга амр қилдилар. Қачонки Рамазон фарз бўлганда Ашурони тарк қилдилар. Бас, ким хоҳласа тутар, ким хоҳласа тарк қилар эди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳу Ашуро куни рўзаси тарихига оид маълумотларни келтирмоқдалар.
Қурайш мушриклари ҳам Исломдан олдинги жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутган эканлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига ваҳий келиб, Пайғамбар бўл-гунларигача Ашуро куни рўзасини тутар эканлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб Мадинаи мунавварага келганларидан ке¬йин ҳам бир йил Ашуро рўзасини тутганлар.
Кейин эса, ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз бўлиб, ўша рўзани тутганлар, Ашуро рўзасини тарк қилганлар. Одамлардан хоҳлаганлари Ашуро рўзасини тутганлар, хоҳлаганлари тутмайдиган бўлганлар.
Шу ерга келиб, Оиша онамиз ривоятлари тамом бўлади. Аммо биз аввал ўрганган ҳадисларимиздан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан бир йил олдин Ашуро рўзасини тутганлар ва тутишга амр қилганлар, шундоқ қилиб бу куннинг рўзаси суннати муаккада бўлиб қолган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийлар Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:
«Бу нима?» дедилар.
«Бу солиҳ кундир. Бу кун Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар
».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан мусулмонлар Аллоҳ юборган олдинги пайғамбарларга уларга эргашишни даъво қилаётганлардан кўра ҳақлироқ эканларини кўрамиз.
Шу билан бирга, Ашуро куни улуғ кунлиги, у кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бани Исроилга ўз душманидан нажот берганини билиб оламиз.
Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссаломга иттибоан, у куннинг рўзасини тутиш шариатимизга киритилган. Қолаверса, бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қилган иш, сиз билан бизларга амр қилинган иш.
Шунинг учун ҳар йили муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутмоғимиз лозим.

 Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хайбар аҳли Ашуро кунининг рўзасини тутар, уни ийд қилиб, аёлларига ўша кунда тақинчоқларини тақтирар, ясантиришар эдилар.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиз у куни рўза тутинглар», дедилар
».
Икки Шайх ривоят қилишган
Шарҳ: «Хайбар» Мадинаи мунавварага яқин жой бўлиб, у ерда яҳудийлар истиқомат қилар эдилар.
Мазкур Хайбар яҳудийлари Ашуро куни рўза тутиб байрам қилишлари, у куннинг улуғ кун эканидан улар Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни улуғлаб рўза тутганлар.
Бу ҳадисдан эса бу куни рўза тутибгина қолмай, ҳайит ҳам қилишлари, аёллари ясаниб, тақинчоқларини тақиб юришларини кўряпмиз.
Мусулмонлар Мусо алайҳиссаломга яҳудийлардан кўра ҳақлироқ бўлганларидан, у зот қилган ишга, Ашуро рўзасини тутишга амр қилиндилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз кўрсатмаларига амал қилиб, у куннинг рўзасини тутмоқлари лозим.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Асламдан бир кишига одамлар ичида ким бирор нарса еган бўлса ҳам куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни, деб жар чақиришга амр қилдилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аслам араб қабилаларидан бирининг номи. Аввалги ўрганган ривоятларимиздан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини яҳудийлар нима учун тутишларини билиб, у рўзани мусулмонлар тутишга ҳақлироқ эканларига айни Ашуро куни қарор қилганлар. Кўринишидан бу иш эрталаб содир бўлган. Шунинг учун Аслам қабиласидан бўлган кишига жар чақиришга амр қилганлар. Ашуро куни нонушта қилиб олганлар ўша куннинг ҳурматидан кундузнинг қолган қисмида бирор нарса еб-ичмасликларига амр қилинган. Эрталабдан бирор нарса еб-ичмаганлар эса, рўзани ният қилиб олишларига амр бўлган. Бу иш ҳам Ашуро рўзасини тутмоқ аҳамиятли эканини кўрсатади.

Ар-Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни эрталаб ансорийларнинг Мадина атрофидаги қишлоқларига одам юбориб:
«Ким эрталабдан рўза ният қилган бўлса, рўзасини охирига етказсин, ким эрталабдан оғзи очиқ бўлган бўлса, куннинг қолганида таом емасин», деб айтдилар.        
Бас, шундан сўнг у (куннинг) рўзасини тутадиган, ёш болаларимизга ҳам, иншааллоҳ, рўза тутқазадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга жундан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Агар улардан бирортаси таом сўраб йиғласа, ифторгача унга ҳалиги ўйинчоқларни берар эдик
».
Шарҳ: Бу ривоятда олдинги ривоятдаги маънога бир неча қўшимчалар қўшилмоқда:
1. Ашуро куни рўза тутиш, таом еб олганлар ҳам кундузнинг қолган қисмида еб-ичмай туришларини эълон қилувчи жарчи ўша куни эрталаб юборилган.
2. Жарчи Мадина атрофидаги ансорийларнинг қишлоқларида ҳам жар солган.
3. Ўша кундан бошлаб Ашуро рўзасини тутиш одатга айланган.
4. Саҳобаи киромлар Ашуро рўзасини кичкина болаларига ҳам тутдирганлар.
5. Кичкина болалар масжидга олиб борилган.
6. Кичкина болаларга ўйинчоқ қилиб берилган.
7. Рўзадан қорни очиб йиғлаган болаларга овутиш учун ўйинчоқ берилган. Бундан биз ҳам ўрнак олмоғимиз керак.
 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бош¬қа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим», деганлар».
Иккала ривоятни икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бош¬қа бирор кунни рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.
Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари бўлмиш бизлар ҳам шундоқ бўлишимиз лозим.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзасини ўзидан олдинги сана(гуноҳлари)нинг каффороти бўлса», дедилар
».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу маънонинг ўзи ҳам Ашуро рўзаси қанчалар фазилатга эга эканини кўрсатиб турибди. Бу ҳадисларни чуқур ўрганган уламоларимиз Ашуро рўзасини тутиш суннати муаккада, деган хулосага келганлар. Ана шунга амал қилиб, ҳаммамиз бу куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», дедилар
».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги кенглик яратишдан мақсад емоқ-ичмоқ, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.
Ko'rildi: 1018 | Qo'shdi: ANIMEADMIN
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Ro'yhatdan o'tish | Kirish ]